Ҳакамлик судлари тадбиркорлар ҳимоячиси
Урганчда “Ўзбекистонда ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорлик ва хусусий секторга нисбатан муносабатларни тубдан ўзгартириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам тизими шакллантирилгани ва унинг ташкилий механизми такомиллаштириб борилаётгани таъкидланди. Қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли ушбу тармоқнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ортиб бормоқда.

Ижтимоий ҳаётда турли субъектларнинг манфаатлари тўқнашуви, улар ўртасида баҳс-мунозаралар бўлиши табиий. Низоларни ҳал этиш тизими уларни суд орқали ва муқобил усуллар билан бартараф қилишни ўз ичига олади. Ҳакамлик судлари низоларни муқобил ҳал этишда асосий нодавлат орган сифатида фаолият юритиб келмоқда. Бунда соҳа вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари изчил таъминланаётгани муҳим аҳамият касб этаётир.

Бугунги кунда тадбиркорларнинг аксарияти низоларни ҳакамлик судида ҳал этиш учун шартномага ҳакамлик битимини киритмоқда. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларида 15 ҳакамлик суди фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2007 йилдан буён олти мингга яқин иш кўрилиб, тадбиркорлар фойдасига 302 миллиард сўм ундирилган. Қабул қилинган ҳал қилув қарорларининг 90 фоизи ихтиёрий ижро этилгани эътиборга молик.

– Корхонамиз томонидан ўтган йили Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Ҳакамлик судига киритилган қирққа яқин даво аризасининг барчаси ижобий ҳал қилинди, – дейди “Урганч нефтбаза” унитар корхонаси Ҳазорасп тумани филиали юрист-консультанти Арслон Матёқубов. – Энг муҳими, биз мурожаат этган Ҳакамлик суди ишни қисқа муддатда ва холис кўриб чиқди. Тижорат сирларининг сақланишини таъминлади.

Семинарда “Ҳакамлик судлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари, уларнинг низоларни ҳал қилишдаги роли ва аҳамияти”, “Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни хўжалик судлари томонидан кўришнинг ўзига хос хусусиятлари, унинг судлар томонидан кўриб чиқилиш амалиёти”, “Ҳакамлик судлари қарорларини ижро қилиш тартиби ва муаммолари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Ваколатли судлар (хўжалик судлари) томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш билан боғлиқ ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари атрофлича ёритилиб, таҳлилий материаллар иштирокчиларга намойиш этилди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР